Доминикан Республикасида чивинлар орқали юққан безгаклар туфайли 30 киши нобуд бўлди
Доминикан Республикасида 2016 йилда чивинлар орқали юқадиган хасталиклар - Гийёна-Барре синдроми туфайли 6 нафар, денге вируси оқибатида эса 24 нафар киши вафот этган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги эпидемиологик бюллетенида маълум қилди, деб хабар қилди ТАСС.
Январь ойидан буён республикада денге вирусига чалинган 4 минг 174 нафар киши қайд қилинган.
Бундан ташқари, ҳужжатга кўра, сўнгги ҳафта давомида мамлакатда Зика безгаги билан боғлиқ 137та ҳолат рўйхатга олинган. Энди йил бошидан буён ушбу инфекцияга чалинган беморлар сони 2 минг 443 нафарга етди. Улардан 243 нафари ҳомиладор аёллар.
14 апрелдан бошлаб Зика безгаги тўғрисида микроцефалия ва бошқа асоратлари билан бирга санитар ташкилотларга хабар қилиш мажбурий этиб белгиланган. Aedes aegypti чивини орқали юқадиган Зика вируси юқори ҳарорат, конъюктивит, мускулларда оғриқ, бош оғриқлари, умумий ҳолсизлик чақиради, ҳомиладор аёлларда эса боланинг нормал ривожланишига таъсир этиши мумкин.