EgyptAir’нинг йўқолган самолётини қидириш ишларига Миср ва Греция ҳарбий авиацияси жалб қилинди
Миср ва Греция ҳарбий авиацияси EgyptAir авиакомпаниясининг Ўрта Ер денгизи осмонида радарлардан йўқолиб қолган Airbus A320 русумли йўловчи самолётини қидириш ишларига жалб этилди. Бу ҳақда Мисрдаги СВС телеканалининг твиттерида хабар қилинган.
Париж шаҳридан Қоҳирага учишни амалга оширган самолёт Греция ҳаво ҳудудига кирганидан 20 дақиқа ўтиб, Миср ҳудудига етишига 15 дақиқача вақт қолганида алоқага чиқмай қўйганди.
EgyptAir авиакомпанияси твиттерида самолётнинг радарлардан йўқолгани ҳақидаги маълумот тасдиқланган.
Аввалига самолёт Миср ҳаво ҳудудидан 80 мил (128 км) масофада, 11 км баландликда эканида алоқадан узилганини маълум қилди. Кейинроқ аниқлик киритилишича, самолёт Миср ҳаво ҳудудига кирганидан кейин, 16 км масофни учиб ўтгач радарлардан йўқолган.
Йўқолган самолёт бўйича Мисрдаги барча авиация хизматлари вакилларини ўз ичига олган тезкор штаб тузилган.
MS804 рейси Париждаги "Шарль де Голл" аэропортидан маҳаллий вақт билан 18 май куни соат 23:09да (Тошкент вақти билан 19 май куни соат 03:09) ҳавога кўтарилган. Унинг бортида 59 нафар йўловчи ҳамда экипажнинг 10 нафар аъзоси бўлган.
FlightRadar 24 сайти маълумотига кўра, рейс 2003 йилда EgyptAir томонидан сотиб олинган Airbus A320-200 самолётида амалга оширилган.