ЕИ Ўзбекистонга қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришда ёрдам таклиф қилди
Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришда, шунингдек энергия иқтисод қилувчи технологияларни татбиқ этишда Европа инвестиция банки ёрдамларидан фойдаланишни таклиф қилди. Бу ҳақда расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган ЕИ Комиссиясининг энергетик иттифоқ бўйича вице-президенти Марош Шевчович Тошкентдаги чиқиши вақтида маълум қилган.
Унинг айтишича, бу йўналишда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашув вақтида музокара ўтказилган. Музокара вақтида Ўзбекистон томонига бу соҳа ривожи учун Европанинг тажрибаси, технологиялари ва маблағларидан фойдаланиш таклиф қилинган.
"Бугун биз келгусида ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласини мувофиқлаштириб олишимиз керак. Нафақат қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида, балки савдо соҳаларида ҳам. Биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан жамғармалар ва бошқа молиявий инструментлардан фойдаланган ҳолда ҳамкорликни янги босқичга кўтариш масалаларини муҳокама қилдик", дея қайд этган Шефчович.
У Ўзбекистонда бу борадаги лойиҳаларнинг Европа инвестиция банки томонидан молиялаштирилиши истиқболларини қайд этган.
"Биз ўзбекистонлик ҳамкорлар билан Марказий Осиёда инвестиция жамғармаларидан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилганимиздан хурсандмиз. Мен 2 кун давомида Ўзбекистонда расмийлар ва бизнес доиралар вакиллари билан кўплаб учрашувлар ўтказдим. Асосийси, икки томон ҳам келгусидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини тўғри тушунади", деган у.