Греция ҳукумати йўқолган самолёт қолдиқлари топилганини маълум қилди
Греция ҳукумати EgyptAir авиакомпаниясининг Ўрта Ер денгизи ҳудудида қулаб тушган А320 русумли самолёти қолдиқлари топилгани ҳақида маълум қилди.
Қайд этилишича, самолёт қолдиқлари у радарлардан йўқолиб қолган нуқтадан 50 мил жануби-шарқда, Грециянинг Карпатос оролидан жанубда топилган.
Бундан олдинроқ, Миср бош вазири самолёт қулашига теракт сабаб бўлгани эҳтимоли истисно этилмаслигини айтиб ўтганди.
Самолёт «Шарл-де-Голль» аэропортидан Париж вақти билан 23:09 да (Тошкент вақти билан 2:09) парвоз қилган ва Қоҳирага маҳаллий вақт бўйича 3:05 (Тошкент вақти билан 06:05) да етиб келиши керак эди. У Қоҳира вақти бўйича 3:45 да радарлардан ғойиб бўлган.
Миср фуқаролик авиацияси вазирлиги ҳарбийлар маҳаллий вақт билан 4:26 (Тошкент вақти билан 7:26) да EgyptAir компаниясининг ғойиб бўлган А320 самолётидан фалокат сигналларини олганини маълум қилди.
Кўп ўтмай Миср Фуқаролик авиацияси EgyptAir самолёти ҳалокатга учраганини тасдиқлади.
Самолёт Миср қирғоқларидан 280 км шимолда ҳалокатга учрагани айтилди.
66 нафар йўловчининг 30 нафари Миср, шунингдек, 15 — Франция, 2 — Ироқ, бир нафардан — Буюк Британия, Бельгия, Қувайт, Саудия Арабистони, Судан, Чад, Португалия, Жазоир ва Канада фуқаролари бўлган.