Халқаро теннис федерацияси томонидан ўтказилаётган турнирларда ўзбекистонлик теннисчиларнинг қўли баланд келмоқда
Халқаро теннис федерацияси томонидан Исроил, Япония ва Хитойда хотин-қизлар ўртасида ўтказилаётган турнирларда тажрибали ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этмоқда. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Япониянинг Куруме шаҳридаги мусобақада Нигина Абдураимова франциялик Жозефина Боуалемни 6:4, 7:6 ҳисобида мағлубиятга учратиб, иккинчи даврада мезбон теннисчи Канае Хисамига қарши кортга чиқадиган бўлди.
Хитойдаги мусобақада Оқгул Омонмуродова илк учрашувда хитойлик Фангжоу Лиуни 6:2, 6:3 ҳисобида енгди. Энди теннисчи таиландлик Нича Лертпитаксинчаи билан баҳслашади.
Мазкур мусобақанинг жуфтликлар баҳсида Оқгул ва словакиялик Микаела Гонкова хитойлик Юки Шенг ва гонконглик Линг Жанг устидан ғалаба қозонди.
Исроилда ўтаётган турнирнинг яккалик баҳсларида ўзбекистонлик теннисчи Влада Екшибарова чорак финалга қадар бўлган учрашувларда франциялик теннисчилар – Женнифер Зербоне ва Фиона Кодинони енгди. Энди у қозоғистонлик Гўзал Айниддиновага қарши кортга чиқади.