Жаҳон | 16:59 / 19.05.2016
5219
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда 50,5 даражали жазирама туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Ҳиндистон шимолида кундузги об-ҳаво ҳарорати Целсий шкаласи бўйича 50,5 градусга етди. Бешта штатда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Бу ҳақда мамлакат метеорология департаменти маълумотига таяниб ТАСС хабар қилди. 

Сўнгги маълумотларга кўра, чоршанба куни Рожастон штати, Пхалоди шаҳрида 50,5 градус ҳарорат кузатилган. Бу кўрсаткич Ҳиндистон тарихидаги рекорд даражадаги ҳароратдан бор-йўғи 0,1 градус паст, холос. 

"1956 йили худди шу штат Алвар шаҳрида 50,6 Цельсий даражаси қайд этилган. Бироқ яқин кунларда Шимолий, Ғарбий ва Марказий Ҳиндистонда ҳарорат фақатгина кўтарилади ва эҳтимол, ушбу рекорд ўзгарар", - деди департамент директори Брахма Пракаш Ядав.

Ушбу прогноз, қолаверса, ҳозирги вазиятга асосланиб Ҳиндистон табиат офатларини бартараф этиш миллий бошқармаси Харьяна, Рожастон, Гужарот, Мадҳья-Прадеш ва Деҳли қўшма ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилди. 

Ҳиндистоннинг пойтахти Нью-Деҳлида ҳарорат 47 даражага кўтарилди, натижада электр энергиясига бўлган талаб юқорилаб кетиб, баъзи туманлар тармоқдан узилиб қолишига сабаб бўлмоқда. Аҳоли уйларни тарк этмаслик ва тиббиёт ходимлари тавсиясига кўра, кўпроқ суюқлик қабул қилишга интилмоқда. Ҳатто Деҳли ҳайвонот боғидаги йўлбарсларга ҳам организмда сув-туз балансини қайта тиклаш учун электролитлар эритмаси қўшилган ичимлик берилмоқда. 

Индира Ганди номидаги халқаро аэропортда ҳам қийин вазият юзага келган. Учиш-қўниш йўлаги кун ўртасида 50 ва ундан ортиқ даражаларга қизиб кетади. Натижада йирик самолётларнинг қўниши мураккаблашди. 

Ёмғирларнинг йўқлиги вазиятни янада оғирлаштирмоқда. 330 миллион нафардан ортиқ киши истиқомат қилувчи 256та округ ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда. Жанубий штатлар – Одишье, Теланган ва Андҳра-Прадешда сўнгги икки ҳафтада, юқори ҳарорат билан боғлиқ сабабларга кўра, 500дан 700 нафаргача киши нобуд бўлди. 

Ўтган йили, расмий маълумотларга кўра, 2 минг одам жазирама қурбони бўлган. Офатнинг олдини олиш мақсадида шу йил апрель ойидан бошлаб марказий ҳукумат 240 миллиард рупия (3,6 миллиард доллар) ажратди. Бу Ҳиндистоннинг 2016-2017 йил қишлоқ хўжалиги тараққиёти харажатларининг ярмидан ҳам кўп маблағ ҳисобланади.