Жаҳон | 21:15 / 19.05.2016
7476
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: EgyptAir самолёти бортда бомба портлаши туфайли қулагани аломатлари мавжуд

АҚШ махсус хизматлари EgyptAir самолёти бортдаги портловчи қурилма ҳаракатга келиши туфайли қулаганини тахмин қилган. Бу ҳақда махсус хизматлардаги номи сир тутилган манбага асосланиб, CNN хабар тарқатган.

Телеканал хабарига кўра, дастлабки белгилар самолёт бортида портлаш рўй берганидан дарак бермоқда.

Бундан олдинроқ, АҚШ Махсус хизматлари франциялик ва мисрлик ҳамкасблари билан маълумотлар алмашишда ҳамкорлик қилиши бўйича маълумот берилганди.

19 майга ўтар кечаси Париждан Қоҳирага MS804 рейсини амалга оширган йўловчи самолёт Миср қирғоқларидан 250 км шимолда, Грециянинг Крит оролидан жанубдаги ҳудудда радардан йўқолди.

56 йўловчи ва 10 нафар экипаж аъзоси билан учган самолёт қулаб тушгани тасдиқланди.

Миср бош вазири, Россия ФХХ раҳбари ҳамда АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп бу ҳодиса теракт бўлиши мумкинлигини айтишди.

Ўрта ер денгизидаги оролларда яшовчилар самолёт радардан йўқолган вақтда осмонда "оловли шар"ни кўришган.

Шунингдек, Al-Jazirah телеканали томонидан интернетга EgyptAir авиакомпаниясининг Ўрта Ер денгизида ҳалокатга учраган самолётининг қулаш жараёнининг бир қисми тасвирланган видео жойлаштирилди.