Жаҳон | 17:38 / 19.05.2016
5099
2 дақиқада ўқилади

Россия ФХХ директори EgyptAir самолёти теракт туфайли қулаганини тусмол қилди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников Мисрнинг EgyptAir авиакомпаниясига тегишли А320 самолёти Париждан Қоҳирага парвозни амалга ошириш чоғида Ўрта Ер денгизи ҳудудида ҳалокатга учраши воқеаси теракт туфайли юз берганини тахмин қилди. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар тарқатган.

«Афсуски Миср авиакомпанияси билан боғлиқ яна бир фожиа рўй берди. Кўринишидан бу навбатдаги теракт. Унинг натижасида 12 давлатга мансуб бўлган 66 киши ҳалок бўлди», — дея Бортниковнинг изоҳини келтиради РИА Новости.

Самолёт «Шарл-де-Голль» аэропортидан Париж вақти билан 23:09 да (Тошкент вақти билан 2:09) парвоз қилган ва Қоҳирага маҳаллий вақт бўйича 3:05 (Тошкент вақти билан 06:05) да етиб келиши керак эди. У Қоҳира вақти бўйича 3:45 да радарлардан ғойиб бўлган.

Миср фуқаролик авиацияси вазирлиги ҳарбийлар маҳаллий вақт билан 4:26 (Тошкент вақти билан 7:26) да EgyptAir компаниясининг ғойиб бўлган А320 самолётидан фалокат сигналларини олганини маълум қилди.

Кўп ўтмай Миср Фуқаролик авиацияси EgyptAir самолёти ҳалокатга учраганини тасдиқлади.

66 нафар йўловчининг 30 нафари Миср, шунингдек, 15 — Франция, 2 — Ироқ, бир нафардан — Буюк Британия, Бельгия, Қувайт, Саудия Арабистони, Судан, Чад, Португалия, Жазоир ва Канада фуқаролари бўлган.