Спорт | 19:40 / 19.05.2016
3807
2 дақиқада ўқилади

Сербия футбол иттифоқи Косово УЕФА аъзолигига қабул қилингани туфайли CAS’га апелляция берди

Сербия футбол иттифоқи Лозаннадаги (Швейцария) Спорт арбитраж судига (CAS) Косово футбол федерациясининг УЕФА аъзолигига киритилгани юзасидан апелляция билан мурожаат қилган. Бу ҳақда Politica нашри вазиятдан бохабар манбаларига асосланган ҳолда хабар берган.

Сербия футбол иттифоқи вакиллари 13 май куни Спорт арбитраж судига барча керакли ҳужжатларни юборган. Апелляция яқин кунларда кўриб чиқилиши айтилган.

Сербия томони Косовонинг УЕФАга қабул қилиниши хато бўлгани ҳақида қарор чиқаришига умид қилмоқда.

Косово футбол ташкилотини УЕФАга қўшиш қарори ташкилотнинг май ойи бошида бўлиб ўтган конгрессида қабул қилинганди. Бу мамлакатнинг аъзолиги учун 28 аъзо розилик билдирган, 24 аъзо эса қарши бўлган, 2та бюллетен ҳақиқий эмас деб топилган.

Мексикада 12—13 май кунлари бўлиб ўтган Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг конгрессида Косово ва Гибралтар ташкилотнинг 210 ва 211-аъзоларига айланди. Шу тариқа, ушбу мамлакат терма жамоалари ЖЧ–2018 турнирининг саралаш баҳсларида иштирок этиши мумкин, аммо бу борада қарор ҳозирча қабул қилинмади.

Косово республикаси БМТ аъзоси ҳисобланмайди. Косово Сербиядан ажралиб мустақил бўлганини Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Бразилия каби йирик давлатлар тан олган.