Тошкентдаги уйлардан бири подъездига ташлаб кетилган 10 ойлик боланинг ота-онаси топилди
16 май куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги уйлардан бирининг подъездига ташлаб кетилган гўдакнинг ота-онаси топилган. Бу хабар Facebook’даги "Потребитель.уз" гуруҳида маълум қилинган.
18 май куни шу гуруҳи аъзолари Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг подъездига тахминан 9–10 ойлик болакай ташлаб кетилгани ҳақида ёзишганди.
Болани топган милиция ходимлари уни Учтепа туманидаги 3-сонли шаҳар болалар клиник шифохонасига олиб боришган. Шифокорлар гўдакни тиббий кўрикдан ўтказиб, уни меҳрибонлик уйига юборишга тайёрлашган.
Болани ким ва қандай ташлаб кетгани номаълум эди.
Ушбу хабар интернет фойдаланувчилари ўртасида кенг муҳокама қилинди.
"Бечора бола, бирам ширин, бирам қувноқ… (кўринишидан соғломга ўхшайди). Одамлар орасида тирноққа зорлар қанча, мана шундай гулдек гўдакни ташлаган аблаҳ ким экан? Ахир ҳатто мушук боласини ҳам эълон орқали бегона қўлларга топширишади, булар эса тирик болани подъезда ташлаб кетишган…", — деб изоҳ берган Алишер Цветкофф ники остидаги фойдаланувчи.
Бармат Бахадыр исмли фойдаланувчи бунга жавобан "Нимага бу гўдакни менинг дарвозамнинг олдига ташлаб кетишмади", деб ёзади афсус билан.
Фойдаланувчилар орасида жамоатчиликни боланинг ота-онасини қораламасликни сўраганлар ҳам кўп.
"Балки, болакайнинг ота-онасига бирор кор-ҳол рўй бергандир…", деб савол ташлаган Абдуғаффор Хакимов.
Интернет фойдаланувчиларининг аксарияти ушбу ҳодиса бахтли якун топишига ишонч ва умид билдиришган эди.
19 май куни UZ24 нашрининг шифохонадан олган хабарга кўра, болакайнинг ота-онаси топилган.
"Болакайнинг ота-онаси топилди, чақалоқ ўзини яхши ҳис қилмоқда", — деб хабар қилган қабулхона вакили.
Болани унинг онаси олиб кетган.
Лекин гўдакнинг қай тариқа йўқолиб қолгани тафсилотлари маълум қилинмаган.
Тошкентдаги уйлардан бирининг подъездига 10 ойлик гўдак ташлаб кетилди