WBC Головкинни ўрта вазн тоифасида чемпион деб эълон қилди
Бутунжаҳон Бокс кенгаши (WBC) қозоғистонлик профессионал боксчи Геннадий Головкинни ўзи иштирок этадиган ўрта вазн тоифасида шубҳасиз чемпион, дея тан олди. Ташкилот мазкур унвоннинг аввалги соҳиби мексикалик Сауль Канело Альварес Головкин билан жанг қилишдан бош тортгач, шундай қарорга келди, деб хабар қилмоқда wbcboxing.com.
"Бутунжаҳон бокс кенгаши "Golden Boy Promotions"дан Сауль Альварес ўрта вазнда WBC чемпионлик белбоғидан воз кечишга қарор қилгани тўғрисидаги мактубни олди. Шунга кўра, Геннадий Головкин ўрта вазн тоифасида WBC’нинг шубҳасиз чемпиони, деб эътироф этилди. WBC Канелога муваффақиятлар тилайди ҳамда келажакда Головкиннинг Альваресга қарши жангини кутиб қолади", — дейилади сайтда жойланган Кенгаш баёнотида.
Бундан аввал, WBC "Канело"дан ўз унвонини ҳимоя қилиш мақсадида Головкин билан жанг ўтказишни жиддий оҳангда талаб қилган эди.
"Канело" лақаби билан танилган мексикалик боксчи Сауль Альварес 18 майга қадар WBC таснифи бўйича ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпиони ҳисобланарди. Шу пайтга қадар қозоғистонлик боксчи ушбу таснифдан ташқари бошқа барча профессионал бокс ташкилотларида чемпион ҳисобланарди. Геннадий Головкин, WBA (Бутунжаҳон бокс уюшмаси), IBF (Халқаро бокс федерацияси) ва WBO (Бутунжаҳон бокс ташкилоти) таснифлари чемпионлик белбоғларига эга эди.
Эндиликда, барча 4та чемпионлик боғичига эга бўлган Головкин профессионал боксчилар орасида ўрта вазн тоифасида мутлақ чемпион бўлди.