Жамият | 10:29 / 20.05.2016
7148
2 дақиқада ўқилади

"Алиса мўъжизалар оламида" китобининг илк нашри намунаси 3 миллион долларга сотилиши мумкин

Машҳур инглиз ёзувчиси, файласуф ва математик Льюис Кэрролнинг (ҳақиқий исми Чарльз Лютвиж Дожсон)1865 йилда нашр қилинган "Алисанинг мўъжизалар оламидаги саргузаштлари" китобининг биринчи нашри намунаси сотувга қўйилди. ТАСС агентлигининг маълум қилишича, китобнинг баҳоланиш қиймати 3 миллион долларгача етиши мумкин.

Агар лот ҳақиқатдан ҳам шу нархда кетса, у ҳолда "Алиса мўъжизалар оламида" - дунёдаги энг қимматбаҳо болалар китоби бўлади. Савдога қўйилаётган китоб хусусий шахсларда сақланаётган олти нусханинг бири ҳисобланади. Бироқ тўртта китоб муқоваланиб бўлган, биттаси жуда ёмон ҳолатда ва фақат шугина яхши сақланиб қолган. Бундан ташқари, мазкур китоб тилла тасма билан безатилган қизил матоли совғага мўлжалланган муқовада чиқарилган ўнта китобдан биридир.

"Бу китобнинг сотилиши - 1865 йилги афсонавий "Алиса"нинг илк нашри нусхасини қўлга киритиш имконини беради. Хусусий шахсларда бундай оригинал муқовали, жуда яхши ҳолатда сақланган нусха йўқ", - деди кимошди савдо уйи ходими. Китоб машҳур иллюстратор Жон Тенниел томонидан яратилган 42 тасвирни ўзида жамлаган.

Китоб 16 июнь куни Нью-Йоркдаги кимошди савдосида сотувга қўйилади. Бугунги кунга қадар "Алисанинг мўъжизалар оламидаги саргузаштлари" китоби 170 тилда чоп этилган ва у бир ярим асрдан буён дунё миқёсидаги бестселлер ҳисобланади.