Жаҳон | 09:16 / 20.05.2016
5685
1 дақиқада ўқилади

Ҳалокатга учраган А320 самолётида Procter & Gamble топ-менежери ҳам бўлгани маълум бўлди

EgyptAir авиакомпаниясининг ҳалокатга учраган А320 самолёти бортида Американинг Procter & Gamble (P&G) компаниясига қарашли завод директори ҳам бўлган. Бу ҳақида The Washington Times нашри компания ходимларидан бирининг сўзларига таяниб хабар беради.

Франциянинг Амьен шаҳридаги заводни бошқариб келаётган Аҳмад Ҳалол 15 йил давомида компаниянинг турли лавозимларида фаолият юритиб келган. 

Компаниянинг хабар беришича, P&G ходимнинг қариндошлари билан алоқага чиқиб, уларни бу оғир вазиятда тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилган. 

Париждан Қоҳирага учаётган EgyptAir авиакомпаниясининг А320 самолёти Ўрта ер денгизи устида радарлардан йўқолиб қолган.

Борт рақами MS804 бўлган бу самолётда 66 нафар киши (улардан 56 нафари йўловчилар ва 10 та экапаж аъзолари) бўлган. Улар орасида 30 нафар Миср фуқароси, 15 нафар француз фуқароси, шунингдек, 11 нафар бошқа давлат вакили бўлган.