Хосе Мария Мендез: "Ўзбекистон халқи биз билан фахрланиши учун қўлимиздан келган барча ишни бажарамиз"
Бугун тонгда Колумбиянинг Медельин шаҳрида футзал бўйича Жаҳон чемпионатига қуръа ташланди. Унга кўра, терма жамоамиз "A" гуруҳида Колумбия, Португалия ва Панама терма жамоаларига қарши кураш олиб боради. Маросимдан кейин микст зонада терма жамоамиз бош мураббийи Хосе Мария Мендез қуръа ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Гуруҳимизни турнирдаги энг қийини деб бўлмайди. Иккинчи қийин тўртлик десак тўғрироқ бўлади. Биз Колумбияга қарши ўйнаймиз ва уларнинг савияси юқори эканлигини алоҳида эътироф этиш даркор. Жамоа ўтган мундиалда ярим финалгача етиб борганини ёдда тутишимиз керак. Португалия эса Европанинг энг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Панама ҳам осон таслим бўладиганлардан эмас. Улар жисмонан жуда кучли. Гуруҳимизда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Биринчи ўйинимиз Панама билан, шу сабабли ушбу баҳсга кўпроқ эътибор қаратамиз. Агар Португалия ва Колумбия терма жамоалари билан яхши ўйин кўрсата олсак кейинги босқичга чиқишимиз мумкин.
Ўзбекистон халқи биз билан фахрланиши учун қўлимиздан келган барча ишни бажарамиз," - дейди, Мендез.