Россиялик дизайнерлар шаҳар мини-автомобилини тақдим этишди
Россиянинг Mirrowcars дизайнерлик компанияси юк билан бирга 4 нафар кишини олиб юришга мўлжалланган янги шаҳар мини-автомобили ғоясини тақдим этди.
Provocator ситикари кузовини қайта ишланган полимердан тайёрлаш тавсия этилмоқда. Машина узунлиги бўйича эса Smart ForTwo моделидан ошмайди. Мини-автонинг ўлчовлари қуйидагича: узунлик - 269.5 см, ойналарсиз кенглиги - 198 см, салондаги шифтнинг баландлиги - 180 см.
Йўловчиларни қулай ва тиқилинч бўлмаган ҳолда жойлашиши учун авиацион принципидаги салон режаси таклиф қилинган бўлиб, унда ўриндиқлар ўтиш йўлагидан икки четда жойлашган. Салонга фақатгина орқа томондаги тўлиқ очилувчи эшикдан кирилади. Ён томонда ҳам эшиклар мавжуд бўлиб, бироқ улардан фақат авария ҳолатида машинадан эвакуация қилишда фойдаланилади.
Mirrow Provocator’га 1,5 литр ҳажмдаги уч цилиндрли дизель мотори ёки турбо бензинини ўрнатиш режалаштирилган. Бу эса 8,7 сониядан кам бўлмаган вақт ичида 0 дан 100 км/соатгача бўлган тезланишни таъминлаб бера олади.
Шунингдек, ситикарнинг гибрид ва электрон талқинларини ҳам яратиш кўзда тутилган. Ҳаракатланишнинг максималь тезлиги 140 км/соат кўрсаткичи билан чекланган бўлади. Мазкур мини-автомобилдан шахсий машина ёки ташкилотлар учун пуллик трансфер хизмати сифатида фойдаланиш мумкин. Янги ихтиронинг чакана нархи - 3500- 4500 евро атрофида.