Жамият | 06:48 / 20.05.2016
6814
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Менинг бизнес ғоям» танловининг мамлакат босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида «Менинг бизнес ғоям» танловининг мамлакат босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини касбга йўналтириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган танловнинг жорий йилги босқичларида 1 минг 500 дан зиёд тарғибот тадбири ўтказилиб, уларда 187 мингдан зиёд касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар битирувчилари қатнашди.

Танловнинг ҳудудий босқичлари доирасида малакали мутахассислар томонидан ҳар бир туман ва шаҳардан 10 нафардан бизнес ғояси иқтисодий самарадор деб топилган ёшлар учун тадбиркорликнинг турли соҳалари бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди. Семинарларда фаол қатнашган ҳамда бизнес режалари самарали деб топилган 518 иштирокчига тижорат банклари томонидан 6,1 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи тавсияномалар берилди.

Ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган коллеж ва лицейларнинг 150 битирувчисига Солиқ ва Банк-молия академиялари, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати мутахассислари томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Камолот» ёшлар оромгоҳида ўқув машғулотлари ташкил этилди.

– Ушбу ўқув машғулотларида бизнес режаларни амалга татбиқ этиш билан боғлиқ кўплаб муҳим маълумотларга эга бўлдик, – дейди Навоий вилояти Нурота туманидаги 2-қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Элшод Бобоқулов. – Тижорат банкларининг кредит сиёсати, маркетинг стратегияси, кичик бизнесда бухгалтерия ҳисобини юритиш, бизнесни суғурталаш мавзуларидаги маърузалар фаолиятимизни муваффақиятли йўлга қўйишимизда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Ўқув оромгоҳида фаол қатнашган ҳамда бизнес режалари самарали деб топилган 50 иштирокчига тижорат банклари томонидан 640 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи дипломлар топширилди. 100 нафарига бизнес режаларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан 1 миллиард 400 миллион сўмдан ортиқ кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи тавсияномалар берилди.
Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, гаров таъминотига эҳтиёжи бўлган ёш тадбиркорларнинг суғурта ҳимоясини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз суғурта бозорида илк маротаба «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамияти томонидан «Ёш тадбиркорларнинг кредит қайтарилмаслиги бўйича жавобгарлигини суғурта қилиш» деб номланган суғурта тури ишлаб чиқилди. «Менинг бизнес ғоям» танловининг мамлакат босқичи иштирокчиларидан 16 нафари мазкур суғурта полисларини олиш имконини берувчи диплом билан тақдирланди.

Танловнинг «Энг яхши инновацион ғоя», «Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа», «Энг кўп иш ўрни яратган ёш тадбиркор», «Энг чекка қишлоқ жойда маиший хизмат кўрсатиш ва сервисни ривожлантиришга ҳисса қўшган ёш тадбиркор», «Ижтимоий тадбиркорликка йўналтирилган лойиҳа» номинациялари бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.