Жаҳон | 20:48 / 21.05.2016
6592
1 дақиқада ўқилади

АҚШ "қурол-яроғлар лобби"си президентлик пойгасида Трамп номзодини қўллаб-қувватлайди

АҚШ Миллий ўқчилар ассоциацияси, мамлакат президентлиги учун сайловолди кампаниясида Республикачилар партиясидан Дональд Трамп номзодини расман қўллаб-қувватлашини билдирди.

Кентукки штати Луисвилл шаҳрида бўлиб ўтган “қурол-яроғлар лобби”си деб аталувчи йиғилишда, Дональд Трамп сиёсий рақиби Хиллари Клинтонни АҚШ Конституциясига киритилган иккинчи тузатишга қарши эканликда айблади. Унда, мамлакат фуқароларининг ўқотар қурол олиб юриш ҳуқуқи эътироф этилган.

Трампнинг сўзларига кўра, агар террорчилар одамларда ҳам қурол борлигини билишганида, Париждаги терактлар қурбонлари сони анча кам бўлар эди.

Айтиш жоизки, Трамп Америка президентлиги учун сайловолди кампаниясида партиядош рақибларининг барчасини мағлуб этганига қарамай, Республикачилар партиясининг расмий номзоди бўлиш учун зарур бўлган 1237 овозни тўплай олгани йўқ. Унга, ўз орзусига етиши учун 76та овоз етмаяпти.