ЦСКА клуби Россия чемпионатида олтинчи марта бош совринни қўлга киритди
Москванинг ЦСКА жамоаси футбол бўйича Россия биринчилигида барча рақибларини ортда қолдириб, олтинчи маротаба чемпионлик унвонига сазовор бўлди. Бу ҳақда Россия премьер лигаси сайтида хабар қилинди.
Чемпионатнинг сўнгги 30-туридан ўрин олган ўйинда армиячилар Қозоннинг «Рубин» жамоасини меҳмонда 1:0 ҳисобида доғда қолдирдилар. Ўйиндаги ягона голга Алан Дзагоев 19-дақиқада муаллифлик қилди. ЦСКА дарвозабони Игорь Акинфеев эса, ўйин сўнггида жамоасини иккита муқаррар голдан қутқариб қолиб, ўйиннинг бош қаҳрамони бўлди.
Ростовнинг «Ростов» «Терек» устидан 2:0 ҳисобида устун келиб, биринчи марта иккинчи ўринни эгаллаб, УЕФА Чемпионлар лигасига йўлланмани нақд қилган бўлса, «Динамо»ни мағлуб этган Санкт Петербургнинг «Зенит» клуби учинчи ўрин билан кифояланди.