Жаҳон | 17:23 / 21.05.2016
5606
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти ҳарбий хизматчилар ҳаёти учун жавобгарликни кучайтиришни талаб қилмоқда

Қирғизистон давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев, мамлакат армияси аскарларининг ҳаёти ва соғлиги учун ҳарбий қисм ва бўлинмалар командирларининг масъулиятини кучайтиришни талаб қилмоқда. 

Атамбаев Қирғизистон Бош штаби раҳбари Раимберди Дуйшенбиев билан ўтказган учрашувида шундай баёнот берган.

Президент ҳарбий раҳбарият интизомни кучайтириш бўйича амалий чоралар кўриш лозимлигига ҳам алоҳида урғу берган. 

2 кун аввал, Қирғиз ҳарбий қисмларидан бирида, ўқ-дорилар билан эҳтиётсиз муомала қилгани боис, шартнома асосида хизмат қилаётган хизматчи ҳаётдан кўз юмди. 

Февраль ойида айни ҳарбий қисмда 2 маротаба фавқулодда ҳолат рўй берган эди: муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскар, Иссиқкўлдаги ҳарбий ўқув машғулотларда пешонасидан яраланган ва вафот этган эди. У қурол билан селфи тушаётганда эҳтиётсизликка йўл қўйганди.

Яна бир ҳарбий хизматчи эса, граната портлашидан сўнг, содир бўлган отишмада оёғидан жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган эди.