Мухтор Шаханов: Инсон устидан турли кўринишдаги зўравонликларга барҳам бериш лозим
Қозоғистонда ер ислоҳотлари бўйича комиссиянинг Остонада бўлиб ўтган иккинчи йиғилишида, шоир Мухтор Шаханов, рухсатсиз митинглар ўтказишга чақирганларнинг қўлга олиниши бўйича ўз қарашларини билдириб ўтган, деб хабар қилмоқда Tengrinews.
«Биз, мамлакатда 40дан ортиқ киши ушланганидан ташвишдамиз. Фикримча, бу инсонга нисбатан зўравонликдир. Агар бу ҳолат давом этадиган бўлса, бизнинг бу ерда тўпланишимиздан не наф?» — деган Шаханов.
Унинг фикрича, бундай салбий кўринишларга барҳам бериш лозим. Шахановнинг, нима учун бу каби нохушликлар содир бўлмоқда деган саволига, мажлис қатнашчиси, бош вазир ўринбосари Бакитжан Сагинтаев: «Яхши, биз сизнинг саволингизга яна қайтамиз. Ҳозирча, кун тартибига мувофиқ давом этамиз», - дея жавоб берган.
Кейинроқ, мамлакат бош прокурори ўринбосари Андрей Кравченко Шаханов саволига изоҳ бериб, «Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органларининг айрим ҳатти-ҳаракатлари баъзи кишиларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Барча нарсанинг ўз сабаби бор. Айтмоқчиманки, ҳуқуқ идораларининг чоралари қонунбузарликнинг олдини олишга қаратилган эди», — деган.
Бунда, Кравченконинг қайд этишича, 6 майгача айрим шахсларни жиддий жавобгарликка тортиш бўйича ҳеч қандай чоралар кўрилмаган. Аммо, кейинги ушланганлар, митинг ўтказишга рухсат йўқлигидан хабардор бўлишган. Рухсатнинг мавжуд бўлиши, митинг ўтказишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.