Жаҳон | 16:56 / 21.05.2016
3643
1 дақиқада ўқилади

Шри-Ланка президенти 500дан ортиқ маҳбусни амнистия қарори билан кечирди

Шри-Ланка давлат раҳбари Майтрипала Сирисена, Будда динининг Весак байрами муносабати билан 540 нафар жиноятчини афв этиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. 

Синьхуа агентлигининг хабар қилишича, афв этилганларнинг аксарияти енгил қоидабузарликлар учун жазоланган ёки суд томонидан белгиланган жарималарни тўлай олмаганлардир. Амнистия актига кирганлар сафида, 70 ёшдан катта ва 10 йилдан кўп муддат мобайнида жазони ўташ жойларида бўлганлар ҳам бор. 

Ҳукумат расмийларининг баёнотида таъкидланишича, ўғрилик, қотиллик ёки аёллар ва болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган жиноятчилар амнистия рўйхатига киритилмаган.

Весак — Буддавийлик динининг Тхеравада йўналишининг асосий байрамларидан бири ҳисобланади. Весак Шри-Ланкадан ташқари Тайланд, Мьянма, Камбожа ва Лаосда ҳам бир кунда нишонланади.