Ижтимоий тармоқда EgyptAir учувчисининг диспетчер билан сўзлашуви ёзуви тарқалди
19 май куни Ўрта Ер денгизи ҳудудида қулаб тушган EgyptAir авиакомпаниясининг Airbus A320 русумли самолёти учувчисининг ҳалокат арафасида олиб борган мулоқоти ёзуви ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бу ҳақда CNN хабар тарқатган.
Аудиоёзувда учувчининг овозидан унинг хотиржам бўлганини билиш мумкин. У ердагилар билан вазият борасида маълумот алмашгач, диспетчерга хайрли тун тилаган.
Бундан олдинроқ, ушбу самолёт ҳалокати тафсилотларини текшириш учун тузилган комиссия раҳбари Айман ал-Муқаддам Миср томони Парижда учувчиларнинг франциялик диспетчер билан мулоқоти ёзувини сўрагани ҳақида хабар берилганди.
Париждан Қоҳирага MS804 рейси орқали учаётган лайнер 19 майга ўтар кечаси Ўрта Ер денгизи устидан учиб ўтаётган вақтда радарлардан йўқолган эди.
Самолёт бортида 66 киши бўлган. Миср ҳукумати маълумотларига кўра, уларнинг барчаси ҳалок бўлган.