Россиялик боксчи Лебедев Рамиресни мағлуб этиб, ўз вазн тоифасидаги иккита чемпионлик камарини бирлаштирди
Биринчи оғир вазнда иштирок этувчи россиялик боксчи Денис Лебедев аргентиналик Виктор Эмилио Рамиресга қарши жангда ғолиб бўлиб, WBA ва IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони унвонларини қўлга киритди.
Жанг 21 май куни Москвада бўлиб ўтди ва Лебедевнинг 2-раунддаги ғалабаси билан якунланди. Рамирес 2-раунд ўртасида ринг четидаги арқонларга тираниб олиб, россияликнинг зарбаларига жавоб бермай қўйган. Ҳакам жангни тўхтатиб, аргентиналик боксчига техник нокаут берди. Боксчининг ўзи ва жамоаси бунга қаршилик кўрсатмади.
Лебедев бу жанггача WBA йўналиши бўйича жаҳон чемпиони эди. Жанг натижаларига кўра у Рамиресга тегишли бўлган IBF чемпионлик камарини тортиб олди. 36 ёшли россиялик боксчининг ғалабалари сони яна биттага кўпайди, энди уларнинг сони 29 тага етди. Россиялик боксчининг ҳисобида битта мағлубият бор. Яна битта жанги бўлиб ўтмаган деб тан олинган.
2009 йилда илк бор жаҳон чемпиони бўлган 31 ёшли Рамирес 27 жанг ўтказиб, 22 тасида ғалаба қозонган, 3 тасида мағлуб бўлган ва биттасида дуранг натижа қайд қилган. Яна битта жанги ҳисобга олинмаган.
21 майдаги бокс кечасида, шунингдек, россиялик Александр Поветкин ва АҚШлик жаҳон чемпиони Деонтей Уайлдер ўртасида ҳам жанг бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ жанг россиялик боксчи топширган қон намунаси допингга ижобий натижа бергани сабабли номаълум муддатга қолдирилди.