Туркия ҳукмрон партиясининг янги раҳбари президентлик бошқаруви тизимини маъқулламоқда
Туркиянинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси раиси ва мамлакат бош вазири лавозимларига номзод Биноли Йилдирим мамлакатнинг президентлик бошқаруви тизимига ўтиш фикрини билдирди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.
"Туннеллар, поездлар ва йўллар – бунинг ҳаммаси яхши. Бироқ бизда бир камчилик бор: бизга янги конституция ва президентлик тизими лозим. Бизга бугун керак бўлган нарса – буни ҳуқуқий майдонга келтиришдир", деб айтди Йилдирим ўз чиқишида.
Адолат ва тараққиёт партиясининг навбатдан ташқари қурултойи 22 май Анқарада бўлиб ўтмоқда. Йилдирим ягона номзод бўлгани сабабли айнан шу қурултойда партиянинг янги раиси этиб сайланди ва мамлакатнинг янги бош вазири бўлади.
Айни вақтда Туркия конституциясига кўра, мамлакатни бош вазир бошқаради, президент эса ўзининг барча ваколатларига қарамасдан, асосан маросимий шахс ҳисобланади. Бироқ мамлакат мухолифатининг фикрича, Эрдўған ўз ҳокимиятини кучайтиришга интилиши доирасида президентлик тизимини киритишни қўллаб-қувватлаб келади.