Deutsche Bank жаҳоннинг энг арзон миллий валютасини маълум қилди
Германиянинг Deutsche Bank молия муассасаси иқтисодчиларининг фикрича, бугунги кунда «жаҳоннинг энг арзон миллий пул бирлиги» Польша злотийсидир, деб хабар қилмоқда «Польша радиоси». Банк таҳлилчиларига кўра, злотий қадри камида 10 фоизга паст баҳоланган.
Шу билан бирга, экспертлар польяк пулининг мустаҳкамланишини айтишмоқда. Польша иқтисодиётининг 2016 ва 2017 йилларда камида 3,5 фоизга ўсиши борасидаги тахминлар шундай фикрга асос бўлган.
Бундан ташқари, мамлакатда ишбилармонлик фаоллиги кўрсаткичининг юқорилиги сақланиб қолмоқда, иш ҳақи кўтарилмоқда, ишсизлик кўрсаткичи энг паст даражада қайд этилаяпти.
Таъкидлаш жоизки, немис таҳлилчиларининг маълумотлари, Европа комиссиясининг яқинда эълон қилган ҳисоботини исботлайди. Унга кўра, Польша иқтисодиёти 2016 йилда 3,5-3,7 фоизга ўсиши кутилмоқда.