Жаҳон | 09:11 / 23.05.2016
5357
1 дақиқада ўқилади

Ироқ бош вазири Ал-Фаллужа шаҳрини ИШИДдан озод қилиш учун жанглар бошланганини маълум қилди

Ироқ бош вазири Ҳайдар Ободий Ал-Фаллужа шаҳрини ИШИДдан қайтариб олиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда Sputnik хабар тарқатган.

"Ал-Фаллужани озод этиш фурсати келди", деган бош вазир.

Унинг қўшимча қилишича, кенг кўламли ҳужумларда қуролли кучларнинг барча турдаги қисмлари ҳамда иттифоқчиларнинг махсус бўлинмалари иштирок этади.

Бағдоддан 57 километр масофадаги Ал-Фаллужа 2014 йилдан буён ИШИД жангарилари назоратида бўлиб келмоқда. Бундан олдинроқ, жангарилар шаҳарни тарк этмоқчи бўлган кишиларни қатл қилишни бошлагани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. ИШИД жангарилари ҳукумат армияси ҳужуми вақтида тинч аҳоли вакилларидан "тирик қалқон" сифатида фойдаланишни режалаштирган.

22 май куни Ироқ армияси вакиллари Ал-Фаллужа шаҳри аҳолисини шаҳарга қилинадиган ҳужумдан огоҳлантириб, улардан шаҳарни тарк этишни сўраганди.