Light | 19:24 / 23.05.2016
7137
2 дақиқада ўқилади

Йўловчиларни рейсдан четлатувчи энг ажабтовур сабаблар рўйхати маълум қилинди

Британиянинг Daily Mail газетаси йўловчиларни рейслардан четлатувчи энг ғалати сабаблар ҳақида маълум қилди

Рўйхатга яқинда Пенсильвания университети профессори Гвидо Менцио билан American Airlines'да юз берган воқеа ҳам киритилди. Иқтисодчи тенглама ечаётган бўлган, аммо уни яқин шарқлик террорчи деб ўйлашган. Менционинг ёнида ўтирган йўловчи аёл ундан шикоят қилган, охир-оқибат профессорга ўз ўрнига бориб ўтиришга рухсат беришган. 

2011 йилнинг декабрида машҳур Ҳолливуд актёри Алек Болдуин телефонни ўчиришдан бош тортгани (актёр Words With Friends сўзлар ўйинини ўйнаётган бўлган) ҳамда экипаж аъзоларига нисбатан қўпол муносабатда бўлгани туфайли рейсдан четлатилган. Воқеа American Airlines бортида содир бўлган. 

2011 йилнинг сентябрида Greenday гуруҳининг вокал ижрочиси Билли Жо Армстронг "ҳаддан ортиқ" туширилган шими туфайли самолёт салонидан чиқариб юборилган.

2013 йилнинг май ойида American Airlines самолёти режадан ташқари қўнишни амалга оширишига тўғри келган, чунки йўловчилардан бири Уитни Хьюстоннинг "I Will Always Love You" қўшиғини тўхтамасдан куйлайверган. 

2011 йилнинг мартида Horizon Air йўловчисини "ҳаддан ташқари узун оёқлари" сабаб самолётни тарк этиш сўралган. Борт кузатувчилари унинг ўтиш йўлакчасини тўсиб қўйганини таъкидлашган, аммо бошқа жойга ўтказишни таклиф қилишмаган. Кейинчалик авиакомпания йўловчидан узр сўраган. 

2016 йилнинг апрелида мусулмон йўловчи аёл - Ҳакима Абдул Southwest Airlines рейсидан четлатилган, сабаби - у деб борт кузатувчиси ўзини "ноқулай" ҳис этган.

2015 йилнинг август ойида бир аёл кучугини махсус сумкага жойлаштиришдан бош тортгани учун United Express самолётини тарк этган.

2014 йилнинг ноябрида эса "бошқариб бўлмайдиган тўнғиз" ва унинг эгаси US Airways рейсидан четлатилган.