Париж терактлари қурбонларининг яқинлари Бельгия устидан судга арз қилишди
Парижда амалга оширилган қўпорувчиликларда қурбон бўлган 17 нафар марҳумнинг оила аъзолари, Бельгия ҳукумати устидан ушбу мамлакат судларига арз қилишмоқда. Уларнинг фикрича, айнан Бельгия ҳуқуқ-тартибот органларининг масъулиятсизлиги ва террорчиларга қарши ўз вақтида чора кўрмаганлиги сабаб, Париж фожиаси юз берган, деб ёзмоқда Soir нашри ўз сайтида.
Қурбонлар яқинларининг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Сами Мақтуф, Бельгия давлати "Париж хуружида иштирок этган ёки уни тайёрлашда қатнашган айрим шахсларни назорат қилишда хатога йўл қўйгани учун ҳам судда жавоб бериши керак".
Бундан аввал Soir газетаси хабар қилганидек, аксилтеррор суриштирув ишлари олиб бораётган Бельгия федерал полицияси, радикал кайфиятдаги ҳамда Суриядаги урушга кетишга чоғланаётган ака-ука Иброҳим ва Салоҳ Абдислом ҳақида 2015 йили тақдим этилган маълумотларга жиддий ёндашмаган. Улар 2015 йил кузида содир этилган Париж терактларида қатнашганликда гумон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 13 ноябрь куни террорчилар гуруҳи Париж ва унинг атрофидаги Сен-Дени шаҳарчасида пухта ўйланган қатор қўпорувчиликларни амалга оширган, бунинг оқибатида, 130 киши қурбон бўлган, 350дан ортиқ инсон жароҳатланган эди. Иброҳим Абдислом Парижнинг Вольтер булварида ўзини портлатиб юборганди.