Жаҳон | 23:01 / 23.05.2016
6657
2 дақиқада ўқилади

Рим папаси дунёдаги энг йирик ислом университети имоми билан зўравонлик ва террорчиликдан воз кечиш масалаларини муҳокама қилди

Рим папаси Франциск дунёдаги энг йирик ислом университети, Қоҳирадаги Ал-Азхар имоми шайҳ Ахмад ат-Тойиб билан зўравонликдан воз кечиш зарурлиги ва террорчиликка қарши кураш масалаларини муҳокама қилди. Муқаддас тахт матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда гап "Ерда тинчликни қўллаб-қувватлаш учун энг йирик динларнинг етакчилари ва тарафдорларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари" ҳақида кетди.    

Матбуот баёнотида Ватикан Апостоллик саройида "католик черков ва ислом ўртасида суҳбат доирасида" ярим соатлик қабулнинг аҳамияти катталигига ишора қилинган. Жумладан, "насронийларни Яқин Шарқдаги можаролар ва кескинлик контекстида ҳимоя қилиш" масаласи кўриб чиқилди.  

Суҳбатда Рим папасининг динлараро суҳбати кенгаши президенти, француз кардинали Жан-Луи Торан иштирок этди. Имомга Коҳирада жойлашгган Ал-Азхар универститети профессорларидан иборат катта делегация ҳамда Мисрнинг Муқаддас тахтдаги элчиси Сайф ан-Насир ҳамроҳлик қилди. Маълум қилинишича, Ат-Тойиб Ватиканга ташрифидан кейин Парижга жўнайди.

Ал-Азхар унирверситетида 100 дан кўпроқ давлатдан талабалар таҳсил олади. Жорий учрашув Рим папасининг 2006 йилда собиқ папа Бенедикт XVI’нинг ислом ҳақида айтган ҳақоратомуз сўзларидан кейин Қоҳирадаги университет имомларининг Ватикан билан муносабатларини тўхтатишга олиб келган вазиятдан кейин ислом билан муносабатларни нормаллаштириш йўлидаги муҳим қадамидек баҳоланди.