Жаҳон | 10:45 / 24.05.2016
5285
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда жангариларнинг Қундузга кенг кўламли ҳужум тайёрлаётгани ҳақида маълумот олишди

Ҳукуматга қарши кучлар Афғонистон шимоли-шарқидаги Қундуз вилоятига кенг кўламли ҳужум уюштирмоқчи. Бу ҳақда вилоят губернатори Асадулло Умархайл маълум қилди.

У НАТОнинг "Қўллаб-қувватлаш" миссияси ва АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий контингенти раҳбари Жон Николсон билан учрашув вақтида "Омари" амалиёти ўтказилиши орқали толибонларнинг апрель ойида мағлуб этилганига қарамасдан улар куч тўплаб, навбатдаги ҳужумларга тайёргарлик кўрмоқда.

Губернаторнинг сўзларига кўра, кутилаётган ҳужумда "Толибон", "Ал-Қоида", "Жундулла" ва ИШИД аъзолари бўлган 4 мингга яқин жангари иштирок этиши мумкин. Бу жангарилар айни вақтда Қундуз, Боғлон, Саманган ва Тоҳар вилоятлари ҳудудларида жойлашган. Умархайлнинг айтишича, жангарилар орасида Покистондан келган жангарилар, ўрта осиёликлар, уйғурлар ва чеченлар ҳам бор.

Ўз навбатида, Жон Николсон халқаро ҳамжамият маҳаллий ҳукуматга ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этишига ишонтирган.

"Бу ерга ким мен билан келган бўлса, уларнинг барчаси Афғонистоннинг тараққиёти ва манфаатлари учун келган. Биз Қундуз аҳолисини ҳимоя қиламиз", деган у.

Бу учрашувда губернатор ва америкалик генералдан ташқари, қабилалар оқсоқоллари, диний арбоблар ва ҳудуддаги бошқа жамоат ташкилотлари етакчилари ҳам иштирок этган.