Иқтисодиёт | 17:12 / 24.05.2016
4288
2 дақиқада ўқилади

Apple ва бошқа технология гигантлари 1.6 трлн долларлик нақд пул жамғармасига етакчилик қилмоқда

Американинг корпоратив нақд пул маблағлари ўсишда давом этмоқда, деб хабар қилмоқда СNN телеканали. 

Американинг йирик компаниялари ўтган йили 1.68 трлн АҚШ доллари миқдоридаги нақд пулга эга бўлган, бу эса 2014 йилги кўрсаткичдан бирмунча баландроқ бўлса-да, иккинчи Буюк иқтисодий инқироз (2008 йил)дан бир йил аввалги рақамлардан икки мартага кўпдир. 

Moody's агентлигининг Сармоядорлар хизмати тақдим этган рўйхатда мингта компания номи келтирилган бўлиб, унда Apple, Microsoft, Google, Cisco ва Oracle компаниялари етакчилик қилмоқда. Рўйхатнинг бошида ўрин олган топ бешликнинг биргаликдаги нақд пул жамғармаси 504 млрд долларга тенг. Бу рўйхатдаги корпорациялар ихтиёридаги жами маблағнинг 30 фоизи демакдир. 

Шу билан бирга, 1,6 трлн доллар нақд пул маблағининг 72 фоизга яқини хорижий мамлакатларда бўлиб, улардан Америка ғазнасига солиқ олинмаган.  Айни шу муаммо, кўплаб америкалик ҳуқуқшунослар ва президентлик номзодларининг ғашини келтирмоқда. 

Америка корпорациялари, айрим ҳисоб-китобларга кўра, Америкага қайтарилган тақдирда 40 фоизгача ташкил этувчи даромад солиғини тўламаслик учун ҳам, "бир қисм" маблағларини чет элларда сақлашга мажбур бўлмоқда. 

Хусусан, Apple компаниясининг якка ўзи ўтган йили хорижда 200 млрд долларга эга бўлган. 2010 йилда бу рақам атиги 31 млрд доллар бўлгани эътиборга олинса, солиқдан қочиш тенденцияси нақадар жиддий тус олаётганини тушуниш қийин эмас. Компания аксарият нақд маблағларини Ирландияга ўхшаш "солиқ жаннатлари"да сақламоқда.