Жаҳон | 11:07 / 24.05.2016
4571
3 дақиқада ўқилади

Дамашқ Ар-Риёд, Анқара ва Доҳани Сурия шаҳарларига уюштирилган ҳужумларни ташкил этишда айбламоқда

Сурия раҳбарияти, Саудия Арабистони, Туркия ва Қатар ҳукуматларини, Суриянинг бир қатор шаҳарларига амалга оширилган қуролли ҳужумларни ташкил этишда айблаб чиқди. Суриянинг БМТдаги доимий вакили Башар Жаъфарийнинг ташкилот бош котиби ва БМТ ХК раисига йўллаган мурожаатида шу ҳақда сўз юритилган. 

Сурия вакили бутунжаҳон ташкилоти томонидан эълон қилинган мактубида, "Жабҳат ан-Нусра" террорчилик гуруҳи, "Аҳрор аш-Шом" ташкилоти ва уларга иттифоқчи бўлган тузилмаларнинг Хама вилоятидаги Зара аҳоли пунктига уюштирган кенг қамровли қуролли ҳужумини батафсил ёритган.

Террорчилар 12 майга ўтар кечаси амалга оширган ҳужумида аёлларни ўғирлаб кетган, турли маълумотларга кўра, 70дан 100нафаргача тинч аҳоли вакилини ўлдирган. 

Ҳужжатда, "Ан-Нусра" фронти, "Аҳрор аш-Шом" ташкилоти, "Хомс корпуси", "Катаиб Аҳлис-Сунна" ва "Хомс армияси" ижтимоий тармоқлар орқали Зарада амалга оширилган қотилликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олганига эътибор қаратилган. Афсуски, мазкур қуролланган гуруҳларни "айрим Ғарб мамлакатлари ва бошқа давлатлар "мўътадил" дея баҳоламоқда". 

Унинг ишонч билдиришича, бу каби ҳужумлардан кўзланган бош мақсад аниқ, у ҳам бўлса, Сурия муаммосига тинч йўл билан барҳам беришга қаратилган Женева музокараларини барбод қилишдир. 

Шу билан бирга, Жаъфарийнинг ёзишича, "Зарадаги фожиа, АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Украинанинг Хавфсизлик Кенгашидаги вакиллари "Жабҳат Ан-Нусра" ва "Аҳрор аш-Шом" ташкилотини террорчилик гуруҳлар рўйхатига киритишга рози бўлмаган бир вақтда содир этилган". 

Бу эса, Жаъфарийнинг сўзларига кўра, "мазкур давлатлар юқоридаги ташкилотларнинг жиноятларини қўллаб-қувватлаётгани ҳамда улар содир этаётган жиноятларни нима учун тан олмаётганини" исботлайди. 

Бундан аввал, Сурия ташқи ишлар вазирлиги Зара қишлоғидаги қатлиомни қоралашни сўраб, БМТ бош котиби ва БМТ ХК раисига мактуб йўллаган эди.

Куннинг энг асосий ва қизиқ хабарларидан тезкор равишда хабардор бўлиш учун «Kun.uz»нинг Telegram’даги каналига аъзо бўлинг.