Эминем болалиги ўтган уй ғиштларининг савдосини ташкил этди
Дунёга машҳур рэпер Эминем "The Marshall Mathers LP" альбомининг 16 йиллиги муносабати билан антиқа ишга қўл урди. У болаликдаги уйининг ғиштларини сотувга қўйди, деб ёзмоқда Pitchfork.
Эминем уйининг сурати, рэпернинг "The Marshall Mathers LP" ва "The Marshall Mathers LP 2" альбомлари олд саҳифасига қўйилган эди. 2013 йили бино хавфсизлик меъёрларига жавоб бермаслиги сабабидан бузилганди. Бунинг натижасида қўлга киритилган 700 дона ғишт махсус идишларга яхшилаб жойланган. Уларнинг ҳар бири ҳақиқийлигини тасдиқловчи сертификат ҳамда мусиқачининг имзосига эга.
Ғиштли тўплам 313 доллар бўлиб, унга ғишт, махсус идиш ва The Marshall Mathers LP нинг аудиокассетаси киради.
Умуман, рэпер уйига тегишли нарсалардан фақатгина ғиштлар сотилди, дейиш нотўғри бўлади. Уйни барпо этишда қўлланилган ёғочлар ҳам сотилган. Ундан коллекционерлар учун жетонлар ясалган бўлиб, хоҳлаган киши 42 доллар эвазига жетон соҳибига айланиши мумкин.
Мусиқачининг ўзи, ушбу савдолардан тушган маблағларнинг бир қисмини тарбияси оғир ўсмирлар билан ишлайдиган нотижорат ташкилотларига молиявий кўмак берувчи Marshall Mathers Foundation (жамғарма) ҳисобига ўтказишини маълум қилмоқда.
Куннинг энг асосий ва қизиқ хабарларидан тезкор равишда хабардор бўлиш учун «Kun.uz»нинг Telegram’даги каналига аъзо бўлинг.