Жамият | 20:49 / 24.05.2016
5779
3 дақиқада ўқилади

“Энг фаол спорт журналисти” танлови эълон қилинди

Ўзбекистонда оммавий спортни янада ривожлантириш, унинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка атрофлича етказиш, бу борадаги тарғибот ва ташвиқот ишларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорликда “Энг фаол спорт журналисти” республика танловини ўтказади.

Танловга 2015 йил 1 июндан 2016 йил 1 июнгача газета ва журналларда, интернет нашрларида эълон қилинган материаллар, эфирга узатилган телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар қабул қилинади.

Танлов ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар таъсис этилган:

  1-мукофот – энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдорида;
  2-мукофот – энг кам иш ҳақининг 15 баробари миқдорида;
  3-мукофот – энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида.

Танлов доирасида рағбатлантирувчи мукофотлар ҳам кўзда тутилган. 

Тавсия этилаётган телевидение бўйича видеоматериаллар, ахборот ташувчи воситанинг қандай кўринишда бўлишидан қатъи назар, 3 дақиқадан 30 дақиқагача, радиоэшиттиришлар (системали диск ёки флешка) 5 дақиқадан 30 дақиқагача бўлиши керак. Матбуот ва интернет материаллари даврий нашрнинг асл нусхаси ёки кўчирма нусхасида тақдим этилади.

Материаллар (бештадан кам бўлмаган ҳолатда) танловга таҳририят тавсияси билан жорий йилнинг 15 июнигача муаллифнинг иш жойи, телефони, манзили ва профессионал фаолияти ҳақидаги маълумотлар ва паспорт нусхаси илова қилинган ҳолда тақдим этилиши лозим.

“Энг фаол спорт журналисти” танлови ғолибларига мукофотлар Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишлаб 27 июнда ўтказиладиган байрам тадбирида топширилади.

Материаллар “Энг фаол спорт журналисти” танловига деб кўрсатилган ҳолда қуйидаги манзилга юборилиши лозим:

Тошкент шаҳри, Мустақиллик майдони, 5-уй. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги.  

Барча фаол спорт журналистларини танловда иштирок этишга таклиф қиламиз.

Телефонлар: 239-46-21, 239-44-78.