Миллий университетда "Навоий ва 21 аср" мавзусида биринчи республика илмий амалий анжумани бўлиб ўтди
Яқинда ташкил этилган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг илк қадами “Алишер Навоий ва XXI аср” мавзуига бағишланган республика илмий-амалий анжуманидан бошланди.
Анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиққан университет ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Ўзбекистон қаҳрамони, профессор Суйима Ғаниева ва бошқалар Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 13 майда қабул қилинган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони жамият ҳаётида улкан ижтимоий воқелик бўлганини алоҳида таъкидлади.
Мазкур ҳужжатда қайд этилганидек, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилида яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистонда ўзбек тили ва адабиётининг ўзбек халқи, жамият маънавий ривожида, замонавий илм-фан тараққиётида тутган ўрни ва роли билан боғлиқ долзарб мавзуларда муҳим илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда, кўплаб луғат ва қомуслар, рисола ва дарсликлар нашр этилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича мутахассислар, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига катта эътибор берилмоқда.
Юксак савияда ва ғоят сермазмун ўтган анжуманда филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг “Алишер Навоий энциклопедияси”ни яратиш тамойиллари”, Насимхон Раҳмоновнинг “Алишер Навоий адабиётни қандай даврлаштирган?”, Нафас Шодмоновнинг “Навоий асарлари номлари хусусида баъзи мулоҳазалар”, навоийшунос олим Анвар Турсуновнинг “Алишер Навоий ижодида таълим-тарбия масалалари” мавзуидаги маърузалари барчада катта қизиқиш уйғотди.
Анжуман ўз ишини “Алишер Навоийнинг илмий мероси ва матншунослик масалалари”, “Алишер Навоийнинг адабий мероси ва таржимаи ҳоли билан боғлиқ масалалар”, “Тилшунослик, услубият ва адабий таъсир масалалари” шўъбаларида давом эттирди.