Наманганда баскетбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг учинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди
Наманганда 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида баскетбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг ҳал қилувчи учинчи тур ўйинлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Мусобақада Навоий, Самарқанд, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳридан олти жамоа ўзаро баҳслашди.
Тошкент шаҳрининг Марказий ҳарбий спорт клуби ва Наманган вилояти терма жамоалари мусобақани яхши натижа билан якунлади. Наманганликлар Самарқанд вилояти терма жамоасини 66:47, андижонлик тенгдошларини 63:31, Навоий вилояти вакилларини 85:15, “Наманган-Ёшлик” жамоасини 65:23 ҳисобида мағлубиятга учратди. Марказий ҳарбий спорт клуби жамоаси ҳам барча рақибларини мағлуб этиб, финалга чиқди.
Ҳал қилувчи учрашувда пойтахтлик баскетболчилар рақибларини 96:82 ҳисобида енгиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Мезбон спортчилар кумуш, самарқандликлар бронза медаль билан тақдирланди.
Чемпионат давомида ўз истеъдод ва маҳоратини намойиш қилиб, турли номинациялар бўйича тақдирланган тошкентлик Георгий Лавров, наманганлик Асадбек Акромов, самарқандлик Эмиль Қаюмов мамлакат терма жамоасига қабул қилинди.