Жаҳон | 14:20 / 24.05.2016
6687
2 дақиқада ўқилади

РФ махсус вакили: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ислоҳ этилмайди

РФ президентининг ШҲТ ишлари бўйича махсус вакили Бахтиёр Ҳакимовнинг сўзларига кўра, Ҳиндистон ва Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиши, ташкилотни ислоҳ қилишни англатмайди, аммо ҳамкорлик механизмларига тузатишлар киритишни талаб этади. 

"ШҲТ ҳеч қандай ислоҳ этилмайди, - деб қайд этган Ҳакимов. - Бироқ ташкилотнинг кенгайиш жараёни юз бермоқда. Янги аъзоларнинг қабул қилиниши эса, ҳамкорлик механизмларига тузатишлар киритишни талаб этади".

Ҳакимовнинг изоҳлашича, "янги аъзоларни мазкур ташкилот фаолиятига мослаштириш лозим". Чунки "ШҲТ котибияти доирасида ҳамда Миллий координаторлар кенгаши мажлисларида ҳам бирмунча ўзгаришлар юз бериши табиий", - деган Россия президенти махсус вакили.

Бахтиёр Ҳакимов Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши билан "ШҲТнинг жаҳон  ҳамжамиятидаги ўрни жиддий ўсишига" ишонч билдириб,  "истиқболлар жуда умид уйғотмоқда", - дея қайд этган. 

Ҳакимовнинг айтишича, РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, ШҲТ ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилишида, Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиши масаласини кун тартибига қўйиш ниятида. 

"Расмий Теҳрон ШҲТга аъзо бўлиш аризасини 2008 йилда топширган. Шунга кўра, Эрон ташкилотнинг навбатдаги тўлақонли аъзоси бўлиши мумкин. Санкциялар бекор қилинаётган бир вақтда, унинг аъзолигига тўсиқларни кўрмаяпмиз", - деган Ҳакимов. 

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистон раислик қилмоқда, унинг бу йилги олий даражадаги Саммити 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.