Сингапур 32 йил ичида биринчи марта тижорат банкини лицензиясидан маҳрум этди
Сингапур молиявий маъмурияти, Швейцариянинг BSI тижорат банкининг шаҳар-давлатдаги шохобчасига берилган лицензияни бекор қилди. Бундай қарор, Сингапур тарихининг сўнгги 32 йилида биринчи марта қабул қилинмоқда.
Сингапур молия бошқармаси, BSI банкига юборган изоҳида айтилишича, «банк ходимлари томонидан йўл қўйилган жиддий қоидабузарликлар, даромадларни ноқонуний ўтказишга оид қонунчилик талаблари бузилиши, банк амалиётлари устидан бошқарув назоратининг самарасиз ўрнатилгани», лицензиянинг бекор қилинишига олиб келган.
Бу хабардан сўнг, Швейцария бош прокуратураси BSI банкига нисбатан, кредит ташкилотини ички ташкил этилишида қоидабузарликларга йўл қўйилганини важ қилиб, жиноий иш қўзғатган. Бунга Малайзиянинг давлат инвестфонди 1Malaysia Development Berhad (1MDB)га нисбатан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида тақдим этилган ахборот сабаб бўлган.
Малайзия парламенти қўмитасининг маълумотларига кўра, 1MDB томонидан амалга оширилган ноқонуний операциялар суммаси камида 4,2 млрд долларни ташкил этади. Қўмита давлат фонди қошида ташкил этилган ва Сингапур бош вазири Нажиб Разак раҳбарлик қиладиган маслаҳат кенгашини тарқатиб юбориш таклифини илгари сурган эди. 1MDB ва Разак, ўз навбатида, қонунни бузганликларини инкор этмоқда.
2015 йили Разак 1MDB фондидан 681 млн АҚШ доллари миқдорида пора олганликда гумон қилинган эди. Малайзия коррупцияга қарши кураш комиссиясининг маълум қилишича, бу маблағ номаълум шахс томонидан ғаразли мақсадда амалга оширилган ҳадя бўлган. Сингапур прокуратураси, 2016 йил январь ойи охирларида ушбу машмашага ойдинлик киритиб, Разакнинг шахсий банк ҳисобига ўтказилган маблағлар, Саудия Арабистони подшоҳлик оиласидан ҳадя эканини эътироф этганди.
24 май куни BSI Group’нинг бош директори Стефано Кодури истеъфога чиққани хусусида маълум қилди. BSI бошқарувининг билдиришича, банк Швейцария ва Сингапур терговчилари билан ҳамкорлик қилмоқда.