Томаш Росицки суриялик боланинг мактуби туфайли футболдан кетмасликка қарор қилди
Мавсум якунида "Арсенал" жамоасини тарк этган чехиялик футболчи Томаш Росицки тинимсиз жароҳатлар туфайли футболчилик фаолиятини якунламоқчи бўлгани, аммо суриялик боланинг мактуби туфайли "бутсаларини михга илиш"ни ортга суриб, терма жамоаси сафида 2016 йилги Европа чемпионатига тайёргарлик кўришни бошлагани ҳақида маълум қилди.
"Мен лазаретда ётганимда футболчилик фаолиятимни бу тариқа якунламаслигим кераклигини англаб етдим. Менга бутун дунёдан, жамоадошларимдан ва бошқа оддий кишилардан далда берувчи сўзлар айтилиб турилди. Айниқса улардан бири, суриялик бола томонидан ёзилган мактуб мени қаттиқ тўлқинлантириб, илҳомлантирди. У менинг яна майдонда футбол ўйнай бошлашимни кўришни қаттиқ исташи ҳақида ёзганди. Мен шунда футбол кишиларнинг ҳаётида катта аҳамиятга эга эканини тушундим. Мен ҳайратда эдим ва бу ҳайрат футболдан кетиш бўйича барча хаёлларимни тўзғитиб юборди. Бу мен футболчилик фаолиятимни якунламасликка қарор қилишимдаги асосий туртки бўлди", дея Росицкининг сўзларидан иқтибос келтиради УЕФА расмий сайти.
35 ёшли футболчи жорий мавсумни тиззасидаги жароҳат туфайли ўтказиб юборди ва "Арсенал" билан шартномасини узайтирмасликка қарор қилди. У 2006 йили Дортмунднинг "Боруссия" жамоасидан Лондонга келганди. Росицки Чехия терма жамоасининг Евро-2016 учун кенгайтирилган таркибига киритилган.