Жаҳон | 10:09 / 24.05.2016
2805
2 дақиқада ўқилади

Toyota компанияси хавфсизлик ёстиқчаларидаги носозлик туфайли АҚШдаги 1,5 млндан ортиқ машинасини чақириб олмоқда

Япония автогиганти Toyota компанияси Takata фирмаси ишлаб чиққан хавфсизлик ёстиқчасидаги носозликлар сабаб, АҚШдаги 1,58 млн машинасини чақириб олмоқда. Бу ҳақда автоконцерн баёнотида сўз юритилган. 

Ушбу қарор, компаниянинг 2006 йилдан 2011 йилгача ишлаб чиқарган 9та модели, жумладан, Corolla, Yaris, Sienna’ларга ҳам тегишлидир. 

"Бу машиналарнинг олд йўловчи хавфсизлик ёстиқчасининг пиропатронлари алмаштирилади", - дейилади баёнотда. 

Ҳозирги кунгача, Takata хавфсизлик ёстиқчасидаги носозлик туфайли Toyota’нинг АҚШда чақириб олган машиналари сони умумий ҳисобда 4,7 млн донадан ошиб кетди. 

Япониянинг Takata компанияси, сифатсиз маҳсулоти сабабли 2014 йилда можаро марказида қолган эди. АҚШ ҳукуматининг аниқлашича, мазкур компания ишлаб чиққан хавфсизлик ёстиқчасининг пиропатронидаги носозлик, ҳалокат вақтида ёстиқчанинг нотўғри очилиши, портлаб кетиши ёхуд автомобиль салонида бўлган йўловчиларга темир парчаларини "отиши"га сабаб бўлган. 

Шу каби ҳолатлар 11 кишининг ҳаётига зомин бўлган, уларнинг 10 нафари АҚШда юз берган ҳодиса қурбонларидир. Мана шу носозликка оид чақириб олинган машиналарнинг умумий миқдори эса, 100 млн.дан ошиб кетди.

Куннинг энг асосий ва қизиқ хабарларидан тезкор равишда хабардор бўлиш учун «Kun.uz»нинг Telegram’даги каналига аъзо бўлинг.