2014 йилги Италия Кубоги финали арафасида «Наполи» мухлисини ўлдирган «Рома» мухлиси 26 йилга қамалди
Италия суди «Рома» мухлиси Даниэл Де Сантисга «Наполи» мухлиси Чиро Эспозитони ўлдиргани учун ҳукм чиқарди.
Суд ҳаками де Сантисга 26 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.
2014 йилнинг 3 май куни Италия Кубоги финалида «Наполи» ва «Фиорентина» жамоалари Римдаги стадионда учрашган (3:1), ўшанда фан-клублар ўртасида оммавий тўқнашувлар содир бўлганди.
Де Сантис терговда ўша куни киоскда ишда бўлгани, ўзи томонга бостириб келган оломонга қарши ҳимоя чораларини кўргани ҳақида гапириб берган.
Лекин терговда марҳум Эспозито тартибсизликларда иштирок этмагани, Де Сантис эса уни ортдан туриб отгани маълум бўлди. «Наполи» мухлиси 53 кун давомида шифохонада бўлган, икки марта операция қилинган, аммо уни сақлаб қолишнинг иложи бўлмаганди.
«Мен де Сантисни воқеанинг кейинги кунидаёқ кечирганман. Мен унга нисбатан нафрат туйғусини ҳис қилмадим, лекин адолат истадим.
Бугун айтишим мумкинки, ҳукм адолатли бўлди. Менинг ўғлим нафрат жинояти қурбони бўлиши адолатсизлик бўлганди», – дейди марҳумнинг онаси.