Британиялик депутатлар Кэмеронни истеъфога чиқаришмоқчи
Буюк Британия парламентидаги Консервативлар партиясининг ўнлаб аъзолари мамлакат бош вазири Дэвид Кэмеронни истеъфога чиқариш билан таҳдид қилишмоқда, деб ёзади Daily Mail.
Маълум қилинишича, парламент аъзоларини Кэмероннинг Британияда Евроиттифоқдан чиқиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган асоратларга доир сўнгги мурожаати ғазаблантирди. Европа Иттифоқига аъзоликни сақлаб қолиш тарафдори бўлган сиёсатчи ўз нутқида Британиянинг блокдан ташқарида "ўзини ўзи йўқ қилиши" ҳақида гапирди.
Унинг баҳолашича, ЕИдан чиқиш оқибатида мамлакат таназзулга юз тутади, бу эса 820 минг ишчи ўринларининг йўқолиши, икки йил ичида ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоизга пасайиши, ўртача даромаднинг 4 фоизга камайиши, фунт қийматининг тушиши ва бошқа салбий оқибатларга олиб келади.
Парламентнинг аксарият вакиллари бу нутқ атайлаб чалғитиш учун тайёрланган деб ҳисоблашмоқда. Бундан ташқари уларнинг таъкидлашича, атиги ярим йил аввал Кэмерон Британия "ҳеч қандай шубҳасиз" Евроиттифоқ доирасидан ташқарида ҳам кун кечира олишини айтганди.
Кэмероннинг мазкур чиқишидан сўнг ҳукмрон партиянинг етакчи аъзолари унинг бош вазир лавозимидан кетиш муддатини айтиши кераклигини билдиришди. Шунингдек улар 23 июндаги референдумдан кейин, унинг натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, ишончсизлик вотумига оид овозга қўйиш жараёнини ўтказишмоқчи.