Жамият | 21:45 / 25.05.2016
9301
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароларини ўмарган полициячилар суд қилинди

Қозоғистоннинг Атирау шаҳри маъмурий суди шаҳар Ички ишлар департаментининг собиқ ходимлари бўлган 2 шахсни Ўзбекистон фуқароларига нисбатан талончилик қилганликда айблаб суд қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизматига асосланиб, Tengrinews.kz нашри хабар тарқатган.

Иш ҳужжатларига кўра, айбланувчилар 2015 йилнинг июлида ўзларини Миграция полицияси вакиллари сифатида кўрсатиб, Ўзбекистон фуқаросини "тузоққа туширишган". Улар ўзбекистонлик муҳожирдан ҳужжат талаб қилиб, уни қўрқитишган ҳамда пулларини ва телефонини олиб қўйишган. Кейинроқ улар яна 5 нафар ўзбекистонликка нисбатан шундай талончилик жиноятларини амалга оширган. Улар ўмарган жами бойлик миқдори 800 минг тенгедан ортиқни ташкил қилган.

Суд собиқ полициячиларни "Талончилик" ва "Фирибгарлик" моддалари бўйича айбдор деб топиб, уларга 4 йилдан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади ҳамда улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида умрбодга ишлай олмаслиги бўйича ҳукм чиқарилди. Шунингдек, улар унвонларидан маҳрум этилган.