Жамият | 11:32 / 25.05.2016
3904
1 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк ҳукумати такси ҳайдовчиларининг дам олиш соатларини аниқ белгилаб қўймоқчи

Нью-Йорк шаҳри ҳокимияти шаҳардаги такси ҳайдовчиларининг ишлаш соатлари ва дам олиш соатларини аниқ белгилаб қўйишни режалаштирган. Янги қоидалар Нью-Йорк лимузинлар ва такси хизматлари комиссиясига таклиф қилинган.

Таҳлилчилар ҳайдовчиларнинг рулда бўлиши муддатини кунига 12 соатдан ортиқ бўлмаслигини таклиф қилишган. Шунингдек, сменалар орасидаги фарқ камида 8 соат бўлиши кўзда тутилган. Бу ҳолда ҳайдовчилар ҳафтасига 72 соат иш вақтига эга бўлишади.

Шаҳар мэри Билл де Блазио бундай моделни "амалиётда қўллаш учун ақл билан ишлаб чиқилган" лойиҳа сифатида баҳолаган. У бу лойиҳага кўра, "ҳайдовчиларнинг толиқиб қолиш муаммоси" омилкорлик билан бартараф этилиши мумкинлигини билдирган.

Комиссия маълумотига кўра, Нью-Йоркда тўқ сариқ рангдаги таксилар хизматларидан кунига 1 миллиондан ортиқ киши фойдаланади. Таклифга кўра, ҳайдовчиларнинг иш ҳақлари миқдори одатдаги тартибда сақланиб қолиши чоралари кўрилган.