"Роскосмос" энг йирик авиакоинот кўргазмасида иштирок этишдан бош тортди
Россиянинг "Роскосмос" давлат корпорацияси авиакоинот соҳасидаги энг йирик кўргазма – Farnborough 2016’да иштирок этмасликка қарор қилди. Бу кўргазма Буюк Британиянинг Хэмпшир графлигида 1948 йилдан бери ўтказиб келинади. Бу ҳақда "Известия" газетаси маълум қилди.
Ушбу қарор Буюк Британиянинг 2015 йилда DSEI-2015 ҳарбий техника кўргазмасида Россиянинг иштирок этишини рад этгани сабабли қабул қилинди.
"Инглизлар буни "Буюк Британия ҳукумати томонидан киритилган санкциялар ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти линияси бўйича ҳамкорликни чеклаш сабабли мудофаа ва хавфсизлик соҳасида фаолият юритувчи исталган Россия ташкилотлари ва уларнинг вакилларини Буюк Британия ҳудудидаги ҳар қандай кўргазмалардаги иштирокини имконсиз қилиши билан тушунтиришганди", деб "Роскосмос" бош директори ўринбосари Сергей Савельев имзолаган хатдан парча келтирмоқда нашр.
Жорий йилда "Роскосмос" шоуда коинот қурилмаларини ишлаб чиқарувчи россиялик корхоналар бирлаштириладиган ягона стендни ўрнатиши керак эди.