Фарғонада сигарет оқибатида чиққан ёнғинда бир киши ҳалок бўлди
ЎзР ИИВ ЁХББнинг хабар беришича, ўтган ҳафта мобайнида республика ҳудудида 142 та ёнғин қайд этилган. Турли сабабларга кўра содир бўлган ёнғинларда 3 нафар фуқаро тан жароҳатлари олишган. 579 млн. сўмдан ортиқ қурилиш конструкциялари ва 670 млн. сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган.
Самарқанд вилояти Нарпай туманида яшовчи фуқаро Т.Олимовнинг уйида электр иситиш мосламасидан фойдаланилиб, назоратсиз қолдирилиши оқибатида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 150 кв. метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган.
Қашқадарё вилояти, Қарши туманида яшовчи У.Раҳмоновнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 120 кв.м. майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ҳамда ҳовлисида турган «Дамас» русумли автомобили ёниб зарарланган.
Фарғона вилояти, Фарғона шаҳрида яшаган фуқаро Ф.Алимов уйида маст ҳолда сигарета чекиб ухлаб қолиши натижасида 1 кв. метр майдонда кўрпа-тўшаги ёниб зарарланган. Ёнғин ўчириш вақтида уй эгаси тутундан димиққан ҳолда топилган.