“Ўзэкспомарказ”да Кооперация биржаси ва тармоқ саноат ярмаркаси бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 12 ноябрдаги “Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 2009 йил 1 декабрдаги “Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2016 йилнинг 18-21 май кунлари “Ўзэкспомарказ”да Вазирлар Маҳкамаси Машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг Кооперация биржаси ва тармоқ саноат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур тадбирлар ички тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисида кенг хабардор қилиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, шерикларни излаб топиш ҳамда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни етказиб бериш тўғрисида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида хўжалик шартномалари тузишда, шу жумладан, экспортга маҳсулотни етказиб бериш бўйича шартномалар тузишда корхоналар учун қўшимча имкониятлар яратиб бермоқда.
“Ўзэлтехсаноат” АК Ахборот хизматининг маълум қилишича, бу йилги Кооперация биржаси ва тармоқ саноат ярмаркасида Компания ва унинг таркибига кирувчи корхоналар ҳам фаол иштирок этишди. Жумладан, Компания таркибига кирувчи 14 та корхона 100 дан ортиқ маҳсулотлар билан қатнашди, қатор янги маҳсулотлар - янги турдаги музлатгичлар, телевизорлар ҳамда кичик маиший техника воситалари илк марта намойиш этилди.
Кооперация биржаси ва тармоқ саноат ярмаркаси якунларига кўра, Компания ва унинг таркибига кирувчи корхоналар 427 миллион сўмлик маҳсулот сотиб олиш бўйича шартнома туздилар. Бу ўтган йилга қараганда 1,3 фоизга кўп демакдир. Шунингдек, “Ўзэлтехсаноат” АК корхоналари ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларни сотиш бўйича қиймати 700 миллион сўмдан ортиқ бўлган шартномалар тузишга муваффақ бўлишди.
Шуниси муҳим аҳамиятга сазоворки, Кооперация биржаси ва тармоқ саноат ярмаркаси нафақат ўзаро шартномавий муносабатлар учун, балки тармоқни ривожлантиришга доир фикр-алмашувлар ва мулоқотлар учун ҳам қулай майдон вазифасини бажармоқда. Бу йил ҳам тадбирлар доирасида қатор тақдимотлар, семинарлар ташкил этилди.
Айниқса, “Ўзэлтехсаноат” АКнинг тармоқни ривожлантириш истиқболларига бағишланган тақдимоти иштирокчиларда катта таассурот уйғотди. Шунингдек, “Андижонкабель” АЖ ҚК ва “Ўзэлектроаппарат Electroshield” АЖ ҚК томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ҳам иштирокчиларнинг қизиқишларига сабаб бўлди.
Бир сўз билан айтганда, Машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг Коорперация биржаси ва тармоқ саноат ярмаркаси мамлакатимиз саноат соҳасида эришилаётган ютуқларнинг амалий намойиши бўлибгина қолмай, қизғин муҳокамалар ва амалий мулоқотлар марказига айланди.