ЖАР президенти Зуманинг рафиқалари учун давлат бюджети ҳисобидан 11та автомобиль олингани маълум бўлди
Жанубий Африка республикаси президенти Жейкоб Зуманинг 4 нафар рафиқаси автомобиллар билан таъминланиши учун давлат бюджетидан маблағлар сарфланган. Бу ҳақда парламент мажлиси вақтида депутат саволига ЖАР полиция вазири Нкосинати Нлеко жавоб қайтарган.
Вазирнинг қайд этишича, ўтган 4 йил давомида президент маъмурияти давлат бюджети ҳисобидан 2та Audi, 2та Land Rover Discovery йўлтанламаси ҳамда 2та Range Rover учун жами 8,6 млн ренд (500 минг доллар атрофида) миқдорида маблағ ажратган.
Нлеконинг сўзларига кўра, бу автомобиллар президент Зуманинг рафиқалари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фойдаланилган.
Вазирга савол билан мурожаат қилган депутат мухолифатдаги "Демократик альянс" аъзоси Зак Мбеле бўлиб, у Зума автомобилларга сарфлаган бу пулларни 116 нафар талабани стипендия билан таъминлаш ёки 61 нафар полициячининг йиллик маошларини тўлаш учун йўналтирса ҳам бўларди.
Жейкоб Зума 2014 йили ўз уйини таъмирлашда бюджетни ноқонуний сарфлаганликда гумон қилинганди. Ўшанда унинг хусусий қароргоҳи реконструкция қилинган, лекин хавфсизлик тизимини янгилаш учун амалга оширилган реконструкциядан кейин қароргоҳда хусусий клиника, амфитеатр ва бассейн ҳам пайдо бўлганди.
Зума давлат бюджетидаги камомадни қоплашга ваъда берганди. Шу йилнинг апрелида у импичментдан қутилиб қолди.
Зума кўпхотинлик тарафдори эканини очиқ айтган ЖАРнинг илк президенти ҳисобланади. Ҳозиргача у олти марта уйланган бўлиб, сўнгги никоҳи 2012 йил қайд этилган. Ҳозирги вақтда унинг олти хотини ва 20 нафар фарзанди бор.
Зуманинг турмуш ўртоқларидан бири — Кейт Манцҳо-Зума 2000 йил вафот этган. Президентнинг бошқа бир хотини — Нкосазане Дламини-Зума эса ажрашганидан сўнг кетма-кет ЖАР Ташқи ва Ички ишлар вазирликларига раҳбарлик қилди, ҳозирги вақтда Африка Иттифоқи комиссияси раиси ҳисобланади.
72 ёшли Зума 2014 йилда яна бир марта уйланмоқчи эканини айтганди.