Жаҳон | 20:36 / 26.05.2016
7171
1 дақиқада ўқилади

Чеченистонда суд 2 украиналикни чечен урушида русларни ўлдиргани учун қамоққа ҳукм қилди

Грозний суди украиналик Николай Карпюкни 22,5 йил, Станислав Клихни 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди. Бу ҳақда адвокат Илья Новиков ўз твиттерида маълум қилган.

Унинг айтишича, суд Клих ва Карпюкка адвокатлар Марина Дубровина ҳамда Док Ицлаевга муносабатлари учун алоҳида жазо белгилаган.

Суд жараёнида улар "адвокатларга туҳмат қилгани" қайд этилган.

Бундан олдинроқ суд ҳакамлари бу украиналикларни 1994—1995 йиллардаги биринчи Чеченистон урушида иштирок этиб, россиялик аскарларни ўлдирганликда айбдор деб топганди.

Судда Карпюк ва Клих ўзларининг айбсиз эканликларини таъкидлаган ва ҳибсга олишдан кейин ўзларига нисбатан қийноқ усулларидан фойдаланилганини билдиришган.

Хусусан, Карпюк россияликлар ўзининг Украинадаги ёш ўғлини топиб қийноққа солиш билан таҳдид қилишганини айтган.