GE ва «Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистонда энергетика ҳамда нефть-газ соҳаларини ривожлантиришдаги ҳамкорлик бўйича келишувга эришди
18-20 май кунлари «Ўзэкспомарказ»да ўтказилган «Ўзбекистон нефть ва гази – OGU-2016» йигирманчи халқаро кўргазмаси доирасида «Ўзбекнефтгаз» МХК (Миллий холдинг компанияси) ва АҚШнинг General Electric (GE) кўп тармоқли корпорацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
Бу ҳужжат Ўзбекистонда нефть-газ соҳасини ривожлантириш мақсадида самарали технологиялардан фойдаланишни назарда тутади. Меморандум General Electric корпорациясининг Марказий Осиё бўлими ижрочи директори Бела Ференци ҳамда «Ўзбекнефтгаз» МХК бошқарув кенгаши раиси Алишер Султонов томонидан имзоланган. Бу ҳақда GE матбуот хизмати хабар тарқатди.
Ҳужжатга кўра, томонлар нефть ва газни қайта ишлаш соҳасида GE Oregen™ технологияларини қўллаш бўйича ҳамкорлик қилишади. Шунингдек, бундай турдаги технологиялар ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилади. General Electric ва «Ўзбекнефтгаз» МХК Италиянинг Флоренция шаҳридаги GE Oil & Gas университетида ўзбекистонлик мутахассисларнинг тайёргарликдан ўтказилиши бўйича лойиҳа ҳам йўлга қўйилади.
Тошкентда ўтказилган Халқаро кўргазмада нефть ва газ қазиб олиш (технологиялар ва ускуналар), нефть ва газ қудуқлари: қуриш ва фойдаланиш, нефть ва газни қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш, нефть кимёси, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш, нефть ва газ саноати иншоотларини лойиҳалаштириш ва барпо этиш, геология, геофизика, сейсмик ускуналар ва хизматлар, қувурлар, газ турбиналари, ихтисослаштирилган материаллар ва ускуналар, назорат-ўлчов асбоблари, техника хавфсизлиги ҳамда ёнғиндан ҳимоя, экологик хавфсизлик, муқобил энергетика, саноат автоматизацияси, хизматлар, алоқа ва телекоммуникациялар каби бўлимлар ишлади.
Нефть-газ форуми доирасида «Ўзбекистон нефть-газ тармоғи: технологиялар, инвестициялар ва тараққиёт» мавзуида халқаро конференция ўтказилади. Унда Ўзбекистон нефть-газ саноатининг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари, углеводород базасини кенгайтириш омиллари, соҳадаги янги тенденциялар, Ўзбекистон нефть-газ соҳасининг сармоявий салоҳияти, бу борадаги халқаро ҳамкорлик, муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия самарадорлигини ошириш усуллари каби долзарб масалалар муҳокама этилди.
Унда GE мутахассислари ўз ҳисоботлари билан чиқишлар қилишди.